Аввал хабар берганимиздек, Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва коррупцияга қарши курашиш ишлари ҳолати ўрганилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари бўлган Бош прокуратуранинг бошқарма катта прокурори Р.Рахмонов ва Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Камиловлар томонидан вилоятнинг Термиз шаҳар, Термиз, Олтинсой, Девон ва Сариосиё туманларида коррупция хавфи юқори соҳаларида ўрганишлар ўтказилди.
Тиббиёт муассасаларидаги ўрганишларда пуллик ва бепул хизматлар кўрсатиш, дори-дармонлар билан таъминлаш, ишга қабул қилиш ва давлат харидларида коррупцияга имкон бераётган омиллар борлиги аниқланди.
Бандлик бўлимлари томонидан очиқ танловлар етарлича ташкил этилмагани ва аҳолига бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар ўз вақтида ва тўлиқ етказилмаётганлиги танқид қилинди.
Ўрганишлар мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларида ҳам шаффофлик, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, педагогларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва рақамли технологияларни жорий этиш каби йўналишларда бир қатор камчиликлар ҳамда ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатди.
Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва самарали ҳал этиш бўйича тавсиялар берилиб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Термиз давлат университетида бўлиб, университет раҳбарияти томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ижобий иш тажрибалари билан танишди.