Коррупцияга қарши ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз зарур

2020-07-14 518 marta ko'rildi.

Обиджон ХАМИДОВ, Бухоро давлат университети ректори:

 

- 90 йиллик тарихга эга бўлган Бухоро давлат университетида фаолият юритаётган раҳбар ходимлардан бошлаб, барча профессор-ўқитувчиларгача тизимда олиб борилаётган ислоҳотларга ўткир нигоҳ билан назар ташлаётганликлари аён.

 

Қабул жараёнларида шаффофлик ва ойдинликни таъминлаш,  коорупцияга қарши аёвсиз курашни талабалар ўқишининг биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этамиз.

 

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган университет жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади.

 

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ, Термиз давлат университети ректори:

 

- Азиз ота-оналар ва абитуриентлар, нопок кимсаларнинг алдовига учраманг. Университетда таниши ёки яқин қариндоши ишлашини рўкач қилиб, сизга талабаликни ваъда қилаётганларга ҳеч қачон ишонманг.

 

Барча жараёнлар очиқ ва шаффоф, адолатли ўтиши таъминланади. Ижодий имтиҳонлар  очиқ ва шаффоф ўтказилади ва бу жараёнлар кенг жамоатчилик, ОАВ, блогерлар иштирокида бўлиб ўтади. Биз  имтиҳон жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтиши учун барча чораларни кўрамиз.

 

Абитуриентларга айтар сўзим: Фақат ўз билимингиз ва кучингизга ишонинг! Бошқа ҳеч нарса сизга ёрдам бера олмайди. Алдовларга учиб, кейин афсусланиб қолманг. Жамиятда коррупцияни янада авж олишига ҳисса қўшманг!

 

Баҳодир СОБИРОВ, Навоий давлат педагогика институти ректори:

 

- Навоий давлат педагогика институтига қабул жараёнини шаффоф, адолатли таъминлашда ҳам институт томони ҳам жамоатчилик бирдек масъул, деб ўйлайман.

 

Шундай экан, абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва  фуқароларга қарата мурожаат қилмоқчиман:

 

Азиз абитуриент, Сиз ўз билимингизга, имконият ва иқтидорингизга, истеъдод ва тафаккурингизга ишонинг. Қабул жараёни тўлалигича Давлат комиссияси томонидан бошқарилиши ва амалга оширилишини унутманг. Унга ҳеч бир инсон омилининг аралашувига йўл қўйилмайди. Шу сабабли, фирибгарларнинг алдовига тушиб қолманг. 

 

Нусрат МУРОДОВ, ТИҚХММИ Бухоро филиали директори:

 

-  Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон, бутун ҳаёти давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади.

 

У ўқитувчими ёки шифокор, масъул мутасаддими ёки оддий ишчи қатъий назар олдига келган ҳар бир инсонга “товар” сифатида қарайди ва ундан доимо таъма қилади. Таъма билан суғориладиган қалбда эса яхшилик уруғи унмайди.

 

Таъма ва пора занжирини қабул жараёнларидаёқ узайлик. Токи у бошқа ниш урмасин. Фарзандларимиз қўлида занжир бўлиб, уларни панжара ортига бошламасин!