РЕКТОР ОГОҲЛАНТИРАДИ

8. 7. 2020 271 marta ko'rildi.

Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар!


Хабарингиз бор, кейинги йилларда таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, олий таълимга ёшларни қамраб олиш бир неча баробарга ортди. Тест тизими ва ижодий имтиҳонлар ислоҳ қилинди.

Абитуриентлар учун яна бир қулайлик сифатида ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилиниши йўлга қўйилди.  Қабул билан боғлиқ барча жараёнлар ОТМларидан бегоналаштирилди. Эндиликда  ҳеч бир қийинчиликларсиз, ҳатто ўз смартфонингиздан ҳам исталган олийгоҳингизга ҳужжатларингизни топшириш имкониятига эгасиз. Бу йилдан бошлаб магистратура йўналишида ҳам  қабул ва имтиҳонлар тўлалигича онлайн тизимда амалга оширилмоқда. Ҳатто ўқишни кўчириш ва тиклаш жараёнлари ҳам онлайн бўлиб ўтади.

Бугун ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали  турли йўллар билан ота-оналар ҳамда абитуриентларни алдаб талабаликни ваъда қилаётган айрим шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Юртимизда ҳар бир соҳада коррупцияга қарши муросасиз кураш кетмоқда. Яқинда Президентимизнинг тегишли фармони билан “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги” ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашишда ҳар биримиз, кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда курашсаккина, ўзининг ижобий натижасини тезда кўрсатади.

 

  Азиз ота-оналар ва абитуриентлар!

 

Сиз ҳам нопок кимсаларнинг алдовига учраманг. Университетда таниши ёки яқин қариндоши ишлашини рўкач қилиб, сизга талабаликни ваъда қилаётганларга ҳеч қачон ишонманг. Барча жараёнлар очиқ ва шаффоф, адолатли ўтиши таъминланади. Ижодий имтиҳонлар  очиқ ва шаффоф ўтказилади ва бу жараёнлар кенг жамоатчилик, ОАВ, блогерлар иштирокида бўлиб ўтади. Биз  имтиҳон жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтиши учун барча чораларни кўрамиз.

Абитуриентларга айтар сўзим: Фақат ўз билимингиз ва кучингизга ишонинг! Бошқа ҳеч нарса сизга ёрдам бера олмайди. Алдовларга учиб, кейин афсусланиб қолманг. Жамиятда коррупцияни янада авж олишига ҳисса қўшманг!

Барчангизга талабалик бахти ва қувончи насиб этишини сўраган ҳолда, омад ёр бўлишини тилайман. Ёруғ юз билан жонажон университетимизда кўришиш умиди ила,

 

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,

Термиз давлат университети ректори, сенатор